Сув хўжалиги вазирлигида “Марказий Осиё минтақасида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора тадбирлар” мавзусида брифинг ўтказилди.

01.02.2020

31.01.2020 20:00

 

 

2020 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Марказий Осиё минтақасида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора тадбирлар” мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг Илмий-ахборот маркази директори проф. В.Духовный, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Агентлиги раҳбари В.Соколов, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари ва Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борувчи бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари ҳамда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Юртбошимизнинг оқилона сиёсати ва саъй-ҳаракати туфайли қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратганлигини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаган илк кунларданоқ фаол минтақавий сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳитни яратиш, қўшни давлатлар билан конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгилаб берган эдилар

Шу билан бирга, Президентимиз Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Оролбуйи минтақасининг экологик ҳолатини яхшилаш юзасидан бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.

Сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш, шунингдек Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш таклифлари бунинг яққол тасдиғидир.

Жумладан, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур лойиҳаси Нукус шаҳрида ўтказилган “Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” халқаро конференция доирасида Марказий Осиё давлатлари, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар вакиллари билан кенг муҳокама қилинди. Улар томонидан таъкидланишича, минтақавий дастурнинг қабул қилиниши Марказий Осиё мамлакатларига сув ва энергетика лойиҳаларини биргаликда кўриб чиқиш ва амалга ошириш, Амударё ва Сирдарёнинг трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича янги минтақавий ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш имконини беради, минтақа давлатларининг Орол денгизи ҳавзасидаги умумий сув ресурсларини бошқариш, сув-энергетика ва экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиради. Бир сўз билан айтганда, ушбу дастур минтақа давлатларининг трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.

Сув ресурслари минтақа мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ва экологик барқарорлигини таъминловчи асосий омилдир. Шу боис, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамкорликда кўраётган чора-тадбирлар натижасида охирги уч йилда минтақанинг янги сиёсий атмосфераси шаклланди.

Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа республикалар ўртасида сув ресурсларини бошқаришда ҳамкорлик бўйича ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ушбу комиссиялар доирасида сув хўжалиги бўйича муаммоли масалалар икки томонлама тартибда ҳал этиб борилмоқда.

Брифинг иштирокчиларига сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали ирригация тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Шу билан бирга республикада суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув таъминотини ошириш бўйича чора-тадбирлар минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши халқаро ҳамжамиятга етказилди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.