Сув хўжалиги вазирлиги футбол жамоаси “Бош вазир кубоги–2019” футбол мусобақасида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.

28.10.2019

 

2019 йилнинг 27 октябрь куни  “Бош вазир кубоги” учун ўтказилган футбол мусобақасининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Олий суд жамоаси “Ўзбектелеком” АЖ жамоаси устидан 1:0 ҳисобида устун келиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.

Учинчи ўрин учун баҳс Сув хўжалиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари жамоалари ўртасида кечди.

Ўйиндан ўйинга ўз маҳоратларини ошириб борган футболчиларимиз рақиб жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳужумчимиз Отабек Ҳазратов рақиб дарвозасига иккита гол киритган бўлса, ярим ҳимоячилар – Муҳиддин Холиқов ва Отабек Ханжарбеков биттадан гол уриб, якуний ҳисобнинг 4:0 бўлишини таъминлади.

Шу тариқа Сув хўжалиги вазирлиги футбол жамоаси “Бош вазир кубоги–2019” футбол мусобақасида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди. Турнир давомида жами 11 та гол киритган ҳужумчимиз Отабек Ҳазратов мусобақанинг “Энг яхши ўйинчиси” номинациясига лойиқ топилди.