- Bosh sahifa
- Yangiliklar
- Сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари малака оширмоқда
Сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари малака оширмоқда
24.09.2019
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги ирригация тизими бошқармалари ва магистрал каналлар раҳбарлари учун бир ҳафталик малака ошириш курси бошланди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ў.Умурзоқов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарияти томонидан барча иқтисодиёт тармоқларида бўлганидек сув хўжалиги тизимини изчил ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бунда тежамкор суғориш технологияларини амалиётга кенг татбиқ этиш орқали қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлади.
Дастурга кўра, малака ошириш курси тинловчилари мамлакатимизда сув хўжалиги тизимини ривожлантиришнинг истиқболлари, соҳада бошқарувнинг илғор услубларини кенг жорий этиш, суғоришга сарфланаётган сувнинг ҳисоб-китобини тўғри юритиш, ресурстежамкор замонавий суғориш технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим мавзуларда маърузалар тинглайдилар. Машғулотлар бевосита лабораторияларда, амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб борилади.
Шу билан бирга соҳадаги мавжуд ҳолат, эришилган ютуқлар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар муҳокама қилинади.
Малака ошириш курси Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ташкил этилди.